Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси (KFAED) Ўзбекистонга соғлиқни сақлаш соҳаси ривожи учун 23,8 миллион доллар кредит ажратади.
Бош вазир биринчи ўринбосари – Ўзбекистон Молия вазири Рустам Азимов ва KFAED бош директор ўринбосари Ҳамад Сулаймон Ал-Умар Тошкентда кредит келишуви ҳужжатини имзоладилар, деб хабар беради UzDaily.uz

Ушбу кредит Ўзбекистонда тиббий хизматлар кўрсатиш сифати ва самарадорлигини яхшилашга хизмат қилади. Лойиҳа доирасида Ўзбекистон тиббиёт муассасаларининг урология ва гемодиализ бўлинмалари учун ускуналар сотиб олиш ҳамда ўзбекистонлик мутахассисларнинг малакасини ошириш режалаштирилган.

Кредит 4 йиллик имтиёзли давр билан 26 йил муддатга тақдим этилди. Кредит ставкаси йиллик 1,5 фоиз ва маъмурий харажатлар учун 0,5 фоизни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, шу пайтгача KFAED Ўзбекистонга турли соҳадаги лойиҳалар амалиёти учун умумий қиймати 130,5 миллион долларлик еттита кредит тақдим этган. Шунингдек, фонд Ўзбекистонга 1,9 миллион доллар миқдоридаги техник кўмак ҳам кўрсатган. Ушбу маблағ техник ҳужжатлар ва техник-иқтисодий тадқиқот лойиҳалари учун сарфланган.