Мадам Тюссо музейи мутахассислари Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модининг ҳайкалини ясаш бўйича ҳаракатларни бошлашган. "Би-Би-Си" нашрида ёзилишича, мутахассислар Модининг қиёфасини шакллантириш мақсадида унинг ҳузурида бўлишган.

Сиёсатчининг мумдан ясалган ҳайкали апрель ойида намойиш этилиши режалаштирилган. Унинг ҳайкалини Лондонда, Сингапурда, Ҳонгконгда ва Бангкокда кўриш мумкин бўлади.

Кўргазма ташкилотчиларининг тасдиқлашича, ҳайкал кўргазмага қўйилгач, музей меҳмонлари у билан ёнма-ён туриб суратга тушишлари мумкин бўлади.

Ўз навбатида Моди шу вақтгача Мадам Тюссо музейига бир неча марта борганини ва машҳур шахсларнинг ҳайкаллари ёнида суратга тушганини билдирган.

Бундан олдинроқ, ушбу музейда Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмероннинг ҳайкали "кексайган" ҳолатда ишлангани ҳақида хабар берилганди.