«Ниҳол» мукофоти совриндори Манзура инстаграмдаги шахсий саҳифасига Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида ўтказилаётган тадбирлар ҳақидаги фикрини ёзиб қолдирди. Бу ҳақда «Даракчи» хабар бермоқда.

«Ким эдиг-у ким бўлдик» тадбирларидамиз. Тушунишимча, Ватан фақат менга керак. Бу тадбирларда тенгдошларим ва «юлдуз»лардан ҳеч ким йўқ. «Ўзбекнаво», сени севаман!», дея изоҳ қолдирган у.

Нашрнинг қайд этишича, сурат остига ёзилган изоҳ 10 дақиқа ўтар-ўтмас олиб ташланган.

Хонанда Манзура январь ойида ҳам Instagram’даги саҳифаси орқали «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмасига севги изҳор қилганди.

Ўшанда у Сардор Раҳимхон билан бирга Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан уч кун давомида Сурхондарё вилоятининг чекка ҳудудларида концерт берганди.

«Айниқса, учинчи кун мазза қилдик. Яшасин Ўзбекнаво! Ўзбекнаво ҳамиша бизнинг қалбимизда! Мен сени севаман, Ўзбекнаво!», — », — деб ёзганди у.