Эрон ҳукумати нафақат АҚШнинг Facebook, Twitter ва YouTube сайтларини, балки Россиянинг “Яндекс” қидирув тизимининг халқаро портали yandex,com’ни ҳам тўсди, деб ёзмоқда “Коммерсантъ” нашри.

“Эрон томони сайтда уларнинг қадриятларига жавоб бермайдиган маълумот мавжуд, деб ҳисобламоқда. Бироқ yandex.ru ишламоқда”, деб айтди Россиянинг Эрондаги элчихонаси матбуот-атташеси Максим Суслов.

Суслов Эронда сайтларни тўсиш бўйича қарор қабул қилувчи махсус хизмат борлигини қўшимча қилди. Суслов кўпчилик сайтлар, жумладан Россия сайтлари ислом қадриятларига жавоб бермаслигини айтди. Унинг айтишича, “Яндекс”дан ташқари, “ВКонтакте” ижтимоий тармоғи ҳам тўсилган, бироқ Эрон фуқаролари сайтларга қўйилган тўсиқларни VPN-серверлар ёрдамида четлаб ўтмоқдалар.

Эрон ҳукуматига яқин манбанинг айтишича, “Яндекс”нинг тўсилиши ҳақидаги масала Россия ва Эрон алоқа вазирларининг ўтган йил октябрдаги учрашувида муҳокама қилинган, ундан кейин Эронда компаниянинг идораси очилиши режалари маълум қилинганди. Бироқ “Яндекс” вакиллари бу маълумотни инкор қилишган.