Россия президенти Владимир Путин Суриядаги ҳарбий операция давомида россиялик ҳарбий Фёдор Журавлёв ҳалок бўлганини тасдиқлади. Кремлда Суриядаги операцияда иштирок этганларга мукофотлар топширилишида Путин ҳалок бўлганларнинг беваларига, жумладан Журавлёвнинг беваси Юлия Журавлёвага ҳам мурожаат қилди.

Расман Журавлёвнинг ўлими шу пайтгача маълум қилинмаган. Унинг ўлими тафсилотларини Conflict Intelligence Team жамоаси тергов қилган. Жамоа ҳарбий 2015 йил 19 ноябрдан олдин ҳалок бўлганини аниқлаган.

Кремлда Юлия Журавлёва билан бирга яна уч нафар марҳум ҳарбий – Олег Пешков, Александр Позинич ва Иван Черемисиннинг бевалари ҳам иштирок этдилар.
Пешков 2015 йил 24 ноябрда турк самолёти томонидан уриб туширилган Су-24 самолётининг учувчиси бўлган. Позинич денгиз пиёда аскари бўлиб, шу уриб туширилган самолётнинг штурманини қутқариш операциясида ҳалок бўлган.
Черемисин 1 февралда ҳалок бўлган, у ҳарбий маслаҳатчи бўлган. Россия мудофаа вазирлиги хабарларда Черемисиннинг номини расман келтирмаган, хабарларда фақатгина унинг “Сурия армиясига янги қуролларни ўзлаштиришда ёрдам бериш вазифасини бажаргани” айтилган. Бироқ унинг номини тез орада журналистлар ошкор қилишган.

Сурияда ҳалок бўлган яна бир ҳарбий Вадим Костенко бўлиб, у севган қизи билан муносабатларига дарз кетганига кўника олмай, ўз жонига қасд қилган.