Қозоғистон парламенти сенати депутатлари “Болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш масалалари бўйича Қозоғистон Республикаси қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги” қонунни қабул қилди. Бу ҳақда “Новости-Казахстан” хабар бермоқда.

Қонунга кўра, никоҳ, эр-хотинлик ва оила кодексига ўзгартиришлар киритилади, етим ва ота-она қаровисиз қолган болалар ҳақида республика маълумотлар банкини яратиш мажбурияти юкланади.

“Тизим Қозоғистоннинг болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари билан шуғулланувчи давлат идоралари, марказий ва маҳаллий даражадаги идоралари ҳамда хориждаги муассасалари биргаликдаги ҳаракатини ва ахборот алмашинувини таъминлайди”, деб айтди сенатор Бирганим Айтимова ва Қозоғистонда 5 млн дан кўпроқ бола, жумладан болалар уйларида тахминан 9 минг нафар бола тарбияланишини таъкидлаб ўтди.

Айтимованинг маълумотларига кўра, тизимни яратиш учун республиканинг 2015-2017 йиллардаги бюджетидан 120 млн танга ажратилган. Шунингдек, Жиноят-ижро этиш кодексига ҳам жинсий даҳлсизликка қарши жиноятлар учун жазони кучайтиришга қаратилган тузатишлар киритилмоқда. Жумладан, баччавозларга кимёвий ахталаш кўринишида тиббий характердаги мажбурий чора қўллаш ҳақидаги қоида киритилди.

“Кимёвий ахталаш нима? Бу вақтинчалик жараён бўлиб, одамни жинсий зўравонликдан тийишга қаратилган зарурият, бир марталик инъекциядир. Бу агар бундай инъекция киритилса, одам бутун умрга шундай қолади, дегани эмас. Бу фақатгина тиббиёт ташкилотларининг қарори билан қилинади”, деб айтди сенатор.

Бундан ташқари, болаларни оилаларга жойлаштиришнинг янги шакли – болалар уйлари тарбияланувчиларини меҳмон сифатида қабул қилувчи оила шакли киритилмоқда, у болалар уйи тарбияланувчиларини мактаб таътиллари, дам олиш ва байрам кунлари қабул қилади ва улар билан бирга вақт ўтказади.