Апрель ойидан бошлаб Қозоғистонда давлат хизматчиларига иш жойида смартфонлардан фойдаланиш тўғрисидаги тақиқ кучга киради.

Давлат ташкилотларининг барча ходимлари иш жойларига киришдан аввал планшет, мобил телефонларини топшириб кирадилар. Микро хотирага эга ҳамда компьютер ва интернетга уланиши мумкин бўлган фото-, видео- ва аудиоёзиш ускуналарининг барчаси тақиқланган, деб хабар беради Новости-Казахстан агентлиги.

Тахминларга кўра, бу чора, масалан, ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерлар орқали махфий маълумотлар тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида қўлланган. 

Бир давлат ишчисининг айтишича, унинг ҳамкасблари ҳозирдан тугмали телефонлар сотиб ола бошлаганлар.

Ушбу хабарни Қозоғистон ички ишлар вазири Қулмуҳаммад Қосимов ҳам тасдиқлади ва ўзининг тугмачали телефонини журналистларга кўрсатиб, ундан ўн йилдан буён фойдаланишини маълум қилди.