Хитой Ўзбекистон тарихи музейига терракота қадимги Хитой терракота жангчисининг ҳайкалини совға қилди.
Терракота экспонати Буюк Ипак Йўлига бағишланган экспозицияда намойиш этилган. Ҳайкалнинг бўйи 187 сантиметр, елка кенглиги 49 сантиметр, деб хабар беради “Правда Востока”.

Жангчиларнинг ҳар бир шакли ўзига хос, улар юз тузилиши, бўйи, кийими жиҳатдан бир-бирларидан фарқ қиладилар. Чунки ҳайкалларга ҳақиқий аскар ва офицерлардан андоза олинган. 1987 йили “терракота армияси” ЮНЕСКОнинг жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган.
Маълумот учун: Цин Шихуанди, Ин Чжен (мил. ав. 259—210) — Цин салтанати подшоси (мил. ав. 246— 221), Хитой императори (мил. ав. 221—210). Цин ҳукмдорлари хонадонига мансуб бўлган. Хитойдаги олтита подшоликни босиб олиб, мил. ав. 221 йилда ягона марказлашган Цин империясини барпо этган ва ўзини биринчи Хитой императори — Цин Шихуанди деб эълон қилган. Унинг даврида, мил. ав. 215-214 й. Буюк Хитой деворини илгари мавжуд бўлган чегара истеҳкомлари билан яхлит ҳолга келтириш жараёни бошланган.

Цин Шихуанди қўлида қонун чиқариш, олий ижроия ва суд ҳокимияти тўпланган. Ўз ҳокимиятига нисбатан ҳар қандай танқидий муносабатларга барҳам бериш мақсадида мил. ав. 213 йилда хусусий шахслар қўлида сақланаётган гуманитар адабиётларни ёқиш ҳақида фармон чиқарган. 212 йилда Цин Шихуанди император ҳокимиятига қарши халқни кўтармоқчи бўлган 460 нафар конфуцийшунос арбобларни қатл эттирган. Цин Шихуанди даврида зулм кучайган, унинг вафотидан сўнг халқ қўзғолонлари кўтарилиб Син империяси барҳам топган. Император ҳозирги Циан яқинидаги дафн этилган ери билан шуҳрат қозонган; мақбарани 700 минг асир-қул 38 йил давомида барпо этган.

Цин Шихуанди ўлимидан сўнг ҳам ҳарбий кучга таяниш учун 6 минг жангчиси ва отларнинг бўйи баравар катталикдаги ҳайкалларини ясашни буюрган. Цин Шихуанди вафот этганида барча ҳайкаллар ҳам у билан қўшиб кўмилган. 1974 йилда Цин Шихуанди дафн этилган жойдан жангчилар ва отларнинг бўйи баравар катталикда ишланган 8099 та терракота ҳайкаллари (мил. ав. тахминан 210 й.) топилган. Мақбаранинг ташқи деворлари периметри 6 километрга тенг.