АҚШ қуролли кучлари қўмондонлиги 2015 йилнинг октябрида Афғонистоннинг Қундуз шаҳридаги “Чегара билмас шифокорлар” инсонпарварлик ташкилотининг госпиталини АҚШ самолётлари билан бомбардимон қилинишига алоқадор 10 дан кўпроқ ҳарбийни маъмурий жазога тортди. Бу ҳақда махфий қолиш шарти билан америкалик расмий шахслар маълум қилди, чунки бу фожиа тафсилотлари тергови натижалари ҳали эълон қилинмаган.

Расмий шахсларнинг айтишича, “АҚШ қуролли кучлари қўмондонлиги ҳарбийларга қарши ҳуқуқий чоралар эмас, балки маъмурий чоралар қабул қилишга ва уларга жиноий айбловлар қўмасликка қарор қилди”. Маъмурий жазога “10 дан кўпроқ ҳарбий, жумладан зобитлар” тортилди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги.

Дастлабки тергов госпиталга зарба хатолик туфайли берилганини кўрсатган. Бу америкалик учувчилардаги хариталардаги ноаниқ белгилашлар сабабли юз берган. АҚШ ҳарбий самолёти “Толибон” ҳаракати жангарилари бўлган бошқа бир бинони ўққа тутиши керак бўлган. Тафтиш натижалари яқин кунларда эълон қилиниши кутилмоқда.

Фожиадан кейиноқ АҚШ мудофаа вазирлиги тергов ўтказишга ваъда берган ва ҳалок бўлганларнинг яқинлари ва жабрланганларга товон пули тўлашга тайёрлигини маълум қилган. Бундан ташқари, Пентагон вайронага айланган госпитални тиклаш бўйича барча харажатларни тўлаб беришга ваъда берган.

Фожиа оқибатида 24 киши, жумладан 12 нафар тиббий ходим ҳамда 3 бола ҳалок бўлган. АҚШ президенти Барак Обама телефон орқали “Чегара билмас шифокорлар” ташкилоти раҳбари Жоан Люга узрини келтирган ва Афғонистон президенти Ашраф Ғани Аҳмадзойга телефон қилиб, тинч аҳолининг ҳалок бўлиши муносабати билан ҳамдардлик билдирган.