American Airlines авиакомпаниясига тегишли йўловчи самолёти чақмоқ зарбаси туфайли Нью-Йоркда мажбурий қўнишни амалга оширди.

Маълум қилинишича, бортида 55 нафар йўловчиси ҳамда экипажнинг 4 нафар аъзоси бўлган Embraer 170 самолёти Шимолий Каролинадан Нью-Йоркка учаётганди. Аввалига самолёт Ла-Гуардиа аэропортига қўниши режалаштирилганди, лекин бунинг иложи бўлмагач самолёт Жон Кеннеди номидаги аэропортга қўндирилган. Икки аэропорт ўртасидаги масофа 13 километрни ташкил этади.

Дастлабки маълумотларга кўра, бу мажбурий қўниш вақтида ҳеч ким жароҳатланмаган. Чақмоқ зарбаси ҳам бирон йўловчига салбий таъсир кўрсатгани қайд этилмаган.