Аёл репортаж суратга олинаётган вақтда бир зумда кадрдан изсиз йўқолди

Жаҳон 18 Март 2016 594

17 мартда Reddit портали фойдаланувчилари Норвегиянинг TV2 телеканалидаги репортажда тасвирланган ғаройиб ҳолатга эътибор қаратишди. Sport Center кўрсатуви учун интервьюни суратга олиш ишлари маҳаллий аэропортда олиб борилаётган бўлиб, суратга олиш вақтида орқа планда турга аёл сониянинг бир неча улушлари ичида изсиз йўқолиб қолган.

Ушбу ҳолат тасвирланган гиф-файл бир неча соат ичида Imgur сервисида 3,5 млн намойиш тўплади.

Reddit’нинг кўплаб шарҳловчилари бунга ҳазиломуз муносабат билдиришди. Улар “Багаж берилаётган вақтда нарсалар шундай йўқолиб қолади”, “Магллар ёнида сеҳр қўлланди, вазирликка хабар бериш керак!” (Гарри Поттер фильмига ишора қилинмоқда) деган изоҳлар қолдиришди.

Бунга жиддийроқ ёндашган фойдаланувчилар видеода монтаж излари йўқлигини ва агар яхшилаб қараладиган бўлса, аёл “йўқолиб қолишидан” бир лаҳза аввал бурилиб, ён томонга камида бир қадам ташлаганини кўриш мумкинлигини айтишган.

Кўринишича, “кадрдан йўқолиб қолган” аёл унинг олдида аравача итариб кетаётган аёл ортидан у билан ёнма-ён ҳаракатланиб, деярли бир вақтда у билан кадрдан чиқиб кетган.

Худди шундай воқеа 2015 йилда “Ролан Гаррос” теннис мусобақаси жонли трансляцияси вақтида ҳам юз берганди. Ўшанда телетомошабинларни гўёки думи билан олдинга учаётган самолётнинг кортга тушган сояси ўйлантириб қўйганди. Кейинроқ аниқланишича, ушбу самолёт ҳақиқий самолёт бўлмай, бир неча йил аввал Emirates Airlines авиакомпаниясининг реклама тадбири доирасида теннис стадионига ўрнатилган самолётнинг кичик макети бўлган. Макет телевизион камера тросига маҳкамланган бўлиб, у билан биргаликда ҳам олдинга, ҳам орқага ҳаракатлана олган.

Кўпроқ янгиликлар