Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг Жиззах вилоятидаги ижроси ўрганилди. Бу ҳақда “Даракчи” нашри маълум қилмоқда.

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси Аҳад Аҳмедовнинг маълум қилишича, 2015 йилда Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси ҳисобидан Жиззах вилояти учун 182,4 млрд сўм маблағ ажратилиб, шундан ҳудудда 104,3 млрд сўмга 31 км автомобиль йўллари реконструкция қилинган ва 41 млрд сўмга 18 км автомобиль йўллари тўла таъмирланган ҳамда 37,2 мрд сўмга 97 км йўллар жорий таъмирланган.

Назорат-таҳлил жараёнида ички йўлларга ҳам алоҳида эътибор берилиб, Жиззах вилоятидаги мавжуд 5200 км ички йўллардан 2014 йилда 40, 2015 йилда 30 км таъмирланганлиги қайд қилинди. 2015 йилда йўл таъмири учун ажратилган маблағ ўз вақтида молиялаштирилмаганлиги сабаб вилоятда қарийб 3500 км ички йўл қаровсиз ҳолатга келиб қолган.

“Қайд этилган ҳолатлар вилоят йўл корхоналарининг моддий техника базаси ҳозирги кун талабига жавоб бермаслигини исботлайди. Бу эса асфальт маҳсулотларининг сифати пастлигига сабаб бўлмоқда”, деб ёзади нашр.