Мичиган штатининг Уоштон шаҳридаги суд жараёнида антиқа ҳолат кузатилди. Айбланувчидан охирги сўзини айтишни сўрашганида у қўшиқ куйлаб, суддагилардан узр сўради. Бу ҳақда ABC News хабар ёзган.

21 ёшли Брайан Тэйлор хонанда Аделнинг «Hello» номли қўшиғидан 1 дақиқа давомида парча куйлаган. У суддан, онасидан ва жабрланувчидан узр сўраган.

«Мен шуни айтишни истардимки, қилмишим учун афсусдаман. Мен энди кучлироқ бўламан ва бу эшикни (жиноятчилик) ёпаман», дейди ёш йигит.

2015 йилнинг ноябрида у кўчада йўловчига талончилик мақсадида ҳужум қилгани учун қўлга олинганди. Тэйлорга бу ҳаракати учун 2 йилгача, ноқонуний равишда қурол сақлагани учун эса 1,5 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.