Пхеньянда намунали кўча қурилади

Жаҳон 18 Март 2016 456

Корея Халқ Демократик Республикасига АҚШ ва унинг тарафдорлари томонидан ўтказилаётган тазйиқ ва санкцияларга қарамасдан, Ким Чен Ин Пхеньянда яна бир аҳоли яшаш уйлари билан ибратли кўча қурилиши ҳақида буйруқ берди.

Корея Меҳнат партияси биринчи котиби ва миллий мудофаа Давлат комитетининг биринчи раиси ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши сиёсий жиҳатдан нақадар муҳим аҳамият касб этишига алоҳида урғу берди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, намунали кўчаларнинг қурилиши бутун дунёга КХДРнинг ҳар қандай вазиятда ҳам ўз йўлидан оғишмасдан давом этиши ва муваффақиятга эриша олишини исботлайди, деб хабар беради маҳаллий ОАВ.

У кўчанинг қурилиши бир йил ичида тугалланишини шахсан ўзи назорат қилишини билдирган. “Бу лойиҳанинг амалга оширилиши - умумпартиявий, умумдавлат ва умумхалқ ишидир”, - дея фикр билдирди КХДРнинг олий раҳбари.

Ўқитувчи ва олимлар учун мўлжалланган ушбу кўча “Ремён” номини олади. Янги кўча инфратузилмаси яшаш учун барча қулайликларга эга, жумладан, болалар боғчаси, мактаб, почта, маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари. Давлат етакчиси қурилишни илғор технологиялардан фойдаланиш ҳақида топшириқ берган.

Ўтган йилнинг ноябрь ойида Пхеньянда қурилган “Мирэ” маҳалласининг очилиш маросими бўлиб ўтган эди. Ушбу кўчани мамлакатда “Ким Чен Иннинг муҳташам даврининг шонли тузилиши” деб ҳисоблашади. Замонавий шароитли ва мебелли уйлар олим ва олий ўқув юртлари ўқитувчиларига туҳфа тариқасида тақдим этилганди.

Ким Чен Ин ободонлаштириш ва кўкалашзорлаштиришга алоҳида эътибор берган ҳолда Пхеньянни “сонгун” (“армия устуворлиги”) эрасининг намунали маданият марказига, “дунё даражасидаги хушманзара пойтахт”га айлантиришни мақсад қилган.

Кўпроқ янгиликлар