Анқара Европа Иттифоқидан қочқинларнинг гуманитар эҳтиёжларига 2018 йилнинг охиригача умумий ҳисобда 6 млрд евро ўтказилишини кутмоқда. Бу ҳақда Туркия бош вазири Аҳмет Довудўғлу ЕИ саммити натижаларига кўра айтди.

“Биринчи 3 млрд еврони биз яқин ҳафталарда сарфлай бошлаймиз. Туркияга эмас, суриялик қочқинларга, албатта. Қўшимча 3 млрд евро 2018 йилгача тақдим қилинади”, деб айтди Довудўғлу.

ЕИ ва Туркия орасида миграция бўйича эришилган янги келишувга кўра, Европа Иттифоқи Туркияга қанча ноқонуний муҳожирни қайтарса, Туркиядан шунча суриялик қочқинни қабул қилади.

Туркия, шунингдек, ЕИ билан визасиз тартибни июнь охиригача олишга умид қилмоқда.

“Июнь охиригача виза эркинлаштирилишини олишга умид қиламиз. Бунинг учун 72 та талабдан 37 таси бажарилди, 35 таси қолди. Май бошигача уларни тугатишга умид қиламиз”, деб айтди Довудўғлу.

“Бугун биз муҳим келишувларга эришганимиз учун тарихий кун бўлмоқда. Бизда ЕИ билан умумий келажак бор, биз Сурия масаласи ва қочқинлар муаммоси бўйича бир хил фикрга келмоқдамиз. Саъй-ҳаракатларимизнинг асосий мақсади Эгей денгизида одамлар (қочқинлар) ҳалок бўлишининг олдини олишдан иборат”, деб айтди Довудўғлу.

Аҳмет Довудўғлунинг айтишича, эришилган келишув эвазига Туркия ҳудудидаги қочқинлар сони ўзгармайди.