19 март тунги пайт “Союз ТМА-20М” бошқарилувчи кемасига эга “Союз-ФГ” ракета-ташувчиси Бойқўнғир космодромидан фазога кўтарилди. Кема бортида Халқаро коинот станциясининг янги экипажи бор, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

Кема бортида инсоният тарихидаги биринчи фазогир Юрий Гагариннинг шлемофондаги тасвирига эга логотип туширилган. Шунингдек, “Союз” бортида Гагарин илк бор коинотга кўтарилганда айтган машҳур сўзлари “Кетдик!” (“Поехали!”) ва ушбу парвознинг 55 йиллиги шарафига “1961-2016” рақамлари ҳам ёзилган.

Коинот кемаси ракета-ташувчининг 3-поғонасидан Тошкент вақти билан соат 02.35 да ажралди ва ХКС билан соат 8.12 да автоматик режимда муваффақиятли туташди.

Кема орбитага “Роскосмос” фазогирлари Алексей Овчинин, Олег Скрипочка ва НАСА фазогири Жеффри Уилльямсни етказди. Фазогирларнинг экспедицияси давомийлиги режа бўйича 173 кунни ташкил қилади.