Coca-Cola компанияси кейинги 4 йил давомида Ўзбекистондаги заводларини ривожлантириш мақсадида 35 млн доллардан ортиқ инвестиция киритишни режалаштирган. Бу ҳақда Sputnik агентлиги ўз манбасига асосланиб хабар тарқатган.

Бугунги кунда америкалик ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг Тошкент, Урганч ва Наманган шаҳарларида Coca-Cola заводлари фаолият кўрсатмоқда. Бу заводларда турли қадоқлардаги 6 турдаги ичимликлар тайёрланади.

"Coca-Cola 2019 йилнинг охиригача Урганч ва Намангандаги заводларини модернизация қилишни, шунингдек Тошкентдаги марказий заводда янги линия ўрнатишни режалаштирган. Режага кўра, бу орқали соатига 48 шиша ичимлик чиқариш имконияти пайдо бўлади ва кунлик иш ҳажми 2 баробар ортади. Техник жиҳозлаш ишлари билан Германиянинг Krones компанияси томонидан амалга оширилади. Бундай технологиялар ҳали Марказий Осиёдаги заводларнинг ҳеч бирига ўрнатилмаган", дейди манба.

Заводларнинг иш ҳажмини ошириш ички бозорда талабнинг ошгани ва таҳлилчиларнинг ижобий прогнозларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. 2015 йилда Ўзбекистондаги заводлар қўшни мамлакатларга 2,5 млн доллар миқдоридаги маҳсулотларини экспорт қилган.

Компания фақатгина ишлаб чиқариш ҳажмини оширишни эмас, янги турдаги маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйишни режалаштирган. Масалан, шарбат ва алюмин идишларда қадоқланадиган газли ичимликлар.

Янги лойиҳаларнинг йўлга қўйилиши орқали Ўзбекистонда ёз ойларида кузатиладиган Coca-Cola ичимликлари танқислигига барҳам беришга эришиш кўзда тутилган.

Coca-Cola компаниясининг Ўзбекистондаги биринчи заводи 1994 йилда Тошкенда очилган. Урганч ва Намангандаги заводлар фаолияти 1997 йилда йўлга қўйилган.