Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Миллий матбуот марказида жисмоний шахсларнинг даромадларини декларация асосида солиққа тортиш тартиби ҳамда жорий йилдан бошлаб бу борада солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар мазмун-моҳиятига бағишланган «Жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадларини декларациялаш тизимининг ўзига хос хусусиятлари» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Тадбирда иштирок этган Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Х.Шокиров ва бошқалар Ўзбекистонда халқ фаровонлигини юксалтириш, аҳолининг реал даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, ўз даромадларини кўпайтириш, уларни эркин тасарруф этиш учун барча имконият ва шарт-шароитлар яратилаётганини таъкидлади.

Хусусан, 2015 йилнинг 22 декабрида Ўзбекистон президентининг «Ўзбекистон Республикасининг 2016 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-2455-сонли қарори қабул қилинди. Унга асосан Ўзбекистонда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, жисмоний шахсларнинг даромадларини ошириш мақсадида қатор солиқ ва мажбурий тўловларнинг ставкалари пасайтирилди. Шунингдек, қонун ҳужжатларига асосан берилган имтиёзлар муддати узайтирилди.

Жумладан, жисмоний шахслар даромадларига солиқ юкини пасайтириш мақсадида, 2016 йилнинг 1 январидан бошлаб жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкасининг иккинчи шкаласи (энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда) 2015 йилдаги 8,5 фоиздан 1 фоизли пунктга камайтирилиб, 7,5 фоиз қилиб белгиланди.

Амалдаги меҳнат қонунчилигига кўра, жисмоний шахслар асосий иш жойидан ташқари бошқа корхона, ташкилотларда ўриндошлик асосида ҳамда ўзига тегишли мол-мулкни ижарага бериш орқали ва қонун билан тақиқланмаган фаолиятлар билан шуғулланиб, чекланмаган миқдорда даромад олишлари мумкин. Олинган даромадларга эса қонунчиликда белгиланган тартибда декларация асосида солиқ солинади. Жисмоний шахсларнинг даромадларни декларация асосида солиққа тортиш муносабатлари Солиқ кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар асосида тартибга солинади.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 189-моддасига мувофиқ, жисмоний шахсларнинг:

- мулкий даромадлари, агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаса;

- фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида олинган даромадлари;

- асосий бўлмаган иш жойидан олинган моддий наф тарзидаги даромадлари;

- икки ёки ундан кўп манбадан олинган солиқ солинадиган даромадлари;

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлари;

- солиқ агентлари бўлмаган манбалардан олинган даромадлари декларация асосида солиқ солинадиган даромад турларига киради.

Жисмоний шахслар ушбу даромадлари бўйича жами йиллик декларацияни доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этиши лозим. Декларация доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига шахсан бориб топшириш, почта орқали буюртма хат шаклида, шунингдек электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.

Жисмоний шахслардан декларацияларни қабул қилиш кунлари давлат солиқ хизмати органлари иш соатлари узайтирилиб, ҳафтанинг дам олиш кунларида ҳам масъул ходимлар хизмат кўрсатади. Хар бир давлат солиқ инспекциясида декларацияларни тўғри тўлдириш бўйича очиқ эшик кунлари ва семинар машғулотлари ташкил этилиб, малакали маслаҳатлар бериб борилади.

Бундан ташқари, жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни жисмоний шахслар ўзлари учун қулай бўлган жойда ва куннинг исталган вақтида, Давлат солиқ қўмитаси расмий soliq.uz сайтида кўрсатиладиган «Электрон солиқ декларациялари» интерактив давлат хизмати орқали, электрон шаклда топширишлари мумкин. Ушбу давлат интерактив хизмати солиқ декларацияларини хатосиз тўлдиришда ёрдам бериши билан бирга жуда оддий бўлиб, бунинг учун фақат электрон рақамли имзога эга бўлиш талаб қилинади.

Матбуот анжуманида Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Солиқ декларацияларини ишлаб чиқиш ва қайта ишлаш маркази етакчи мутахассиси Шерзод Раҳматов «Электрон солиқ декларациялари» интерактив давлат хизматидан фойдаланиш йўл-йўриқлари ва ушбу тизимнинг афзалликлари ҳақида иштирокчиларга кўргазмали слайдлар ёрдамида батафсил маълумот берди.

Шу ўринда қайд этиш жоизки, агар жисмоний шахснинг асосий бўлмаган иш жойидан олган даромадидан унинг аризасига кўра солиқ энг юқори ставка асосида ушлаб қолинган бўлса, декларация тақдим этилмайди.

Мол-мулкини ижарага бериш орқали даромад олаётган жисмоний шахслар томонидан, ижарадан даромадлар пайдо бўлган кундан эътиборан биринчи ой тугаганидан кейин беш кунлик муддатда дастлабки декларация ҳамда ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига жами йиллик даромадлари тўғрисида декларация тақдим этилиши лозим. Мол-мулкни ижарага беришдан даромад олиш тугаган тақдирда жисмоний шахс доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органини бу ҳақда ёзма хабардор этиши лозим.

Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси 181-моддасига биноан мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг белгиланган 7,5 фоиз ставкаси бўйича солиқ солинади.

Жисмоний шахсга даромад солиғидан имтиёз олиш ҳуқуқи айнан ушбу декларация асосида берилади. Бундан кўринадики, жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларациянинг тақдим этилиши фақат жисмоний шахснинг манфаати учун хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси 574- ва 603-моддаларига ҳамда Уй-жой кодекси 86-моддасига мувофиқ фуқаролар ўртасида тузилган кўчмас мулкни - уй-жойни ва нотурар жойни ижарага бериш шартномаси нотариал тасдиқланиши шарт. Ижара шартномасининг бўлмаслиги ёхуд унинг мажбурий нотариал тасдиқланишига риоя қилмаслик Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 159¹-моддасига мувофиқ энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.

Жисмоний шахслар даромадлари тўғрисидаги декларация асосида ҳисоблаб чиқарилган даромад солиғини ўтган солиқ давридан кейинги йилнинг 1 июнидан кечиктирмай тўлашлари лозим.

Декларация ўз вақтида тақдим этилмаса, давлат солиқ хизмати органи ўзидаги мавжуд маълумотлар асосида жисмоний шахс томонидан тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини энг юқори ставка бўйича ҳисоблаш ва солиқ тўловчига тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси тўғрисида билдиришнома бериш ҳуқуқига эга.

Даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этмаган, ўз вақтида тақдим этмаган ёки уни атайин нотўғри маълумотларни кўрсатган ҳолда тақдим этган фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 174-моддаси учинчи қисмида энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима қўлланилиши белгилаб қўйилган.

Матбуот анжуманида Давлат солиқ қўмитаси ходимлари оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан ўртага ташланган барча саволларига батафсил жавоблар беришди.