Хонанда Манзура Шаҳнозабонунинг жанозасидан қайтиб, хамкасбларидан ранжиб энсаси қотганини маълум қилиб, буни умумий бир мавзу сифатида кўтаришни истади. Бу ҳақда “Sayyod.com” ёзмоқда.

— Инстаграмда "Опажоним"лаб уни ўлими билан кенг оммага "табриклаган"ларнинг бирортаси жанозага келмади. Фақатгина Даврон Кабуловни кўрдим, раҳмат унга. Шу йигитдан сал хафа эдим, аммо шу куни ҳурматим ошди. Мен, Ирода Дилроз ва радиобошловчи Ширин Ғофуровалар бор эдик. Майли, давлат тадбири билан банддир, десанг, шу куни давлат тадбири йўқ эди, тўй десанг хам хозир у даражада тўй мавсуми эмас. Эт-бети оғриб қолгандир десанг, наҳотки хаммасиникини ёппасига бирдан айнан шу куни оғриб қолган бўлса?! (жаҳли чиқади) Эстрададаги хаммаси айнан шу куни бетоб бўлиб, гастролда ва ёки тадбирда бўлмагандир?!

Ўзимча минг хижолат билан кеч бордим шекилли деб, ҳозир хамма ўша ерда деб борсам, эстрада оламидан ҳеч ким йўқ! Дуторчилардан бор дейишди. Уни "гап"чилари-чи, қайда қолди? 2-3 кун ўтиб Мавлуда опа Умида опани олиб борганини эшитдим. Аммо қолганлар қани? Шунча одам инстаграмда қўйганини кўрдим, шулардан қани энди бирортаси келган бўлса. Бухорий ҳадисларини мутолаа қилишга киришгандим, Шаҳнозабону ўлимидан бир кун аввал ўша ерда ўқигандим, одам ўлганидан кейин уни кўмилгунича борсангиз энг баланд тоғдек сизга савоб ёзилар экан. Ҳеч нарса ўқимаймиз, ҳеч нарса билмаймиз, одамлар кўпроқ ўқиб Худони билса, бир-бирига яхшилигу савоб қилса... Шу нарсаларни ўқиб хабари бўлганида ҳеч бўлмаса ўзимга савоб, деб югуриб борармиди жанозага. Аср пайти илойим хамма гуноҳлари тўкилган бўлсин, деб сўрадик.

Биласизми... бир рейтинги баланд хонандани онаси ўлганида хаммаси ўша ерда эди. Машҳур бўлсанг шу ўлимга хам "понт" учун хамма борар экан. Яхшиям ўша хонандани ўзи ўлмабди, онаси ўлибди. Умри узоқ бўлсин ўзини, бахтли бўлсин, иймонда бўлсин. Шунчаки факт сифатида таққослаш учун ҳам бир мисол. Лекин Шаҳнозабону соғлиғи туфайлидир ё пули йўқмиди, майли энди йўли шунақа экан бироз вақт санъатда кўринмай қолганига бирортаси сўнгги манзилига кузатгани бормади-я! Хаммаси хўжакўрсинга инстаграмда табриклагани қолди. Одамларга яхши кўринганида бу. Лекин юракдан муносабат йўқ! Қолмаган! Мана шу энг даҳшатлиси, шу учунам бу мавзуни кўтаришларингизни истайман.

Нима учун бунақа бемеҳр бўлиб кетишяпти? Инстаграмга қўйгунча, бориб жамоа билан сўнгги манзилга кузат, омин қилиб юборсанг ўзинггаям Шаҳнозагаям савоб ёзилар. Урф-одатларимиз-ку. Биз артистларни хаммаси фақат "понт"да, ўзга брендларни кийиб олиб реклама қиламиз, эрталабдан кечгача қаерда овқатланаётганимизни кўрсатамиз ва кимнидир туғилган куни хамда ўлими билан табриклаш билан кифояланамиз, холос! Лекин одамни сўнгги манзилига кузатиш учун бир жойингни кўтариб боришга эса ярамаймиз! Узр, албатта, балки мен ноҳақдирман, шунчаки бу нарсалар мени миямга сиғмагани учун чидолмадим, - дея куюниб сўзларига хотима қилади хонанда.