БААнинг FlyDubai авиакомпаниясига тегишли бўлган, Ростов-Дондаги аэропортга қўна олмасдан қулаган Boeing 737-800 лайнерининг иккинчи «қора қути»си топилди. Бу ҳақда вилоят махсус хизмат вакилига асосланган ҳолда РИА Новости хабар тарқатган.

«Москва вақти билан соат 12.10да самолётнинг иккинчи «қора қути»си топилган», дейди манба.

Улар яқин орада маълумотларини ўрганиш учун тегишли мутахассисларга берилиши айтилган.

Россия Федерацияси Тергов қўмитаси расмий вакили Владимир Маркин бу маълумотни тасдиқлаган.

Қурилмалар қандай ҳолатда эканига аниқлик киритилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 19 март, шанба куни FlyDubai авиакомпаниясига тегишли Boeing 737-800 лайнери Россиянинг Ростов-Дон шаҳри аэропортига қўниш вақтида ҳалокатга учради. Ҳодиса оқибатида самолёт бортида бўлган барча йўловчилар (55 киши) ва экипаж аъзолари (7 киши) ҳалок бўлган.