Россия федерациясининг Ростов вилоятида 20 март куни «Боинг» самолётининг ҳалокати билан боғлиқ равишда мотам куни эълон қилинди. Бу ҳақда Ростов вилояти губернатори Василий Голубев журналистларга хабар қилганини ТАСС маълум қилмоқда.

“Эртага мотам куни эълон қилинади. Ҳукумат томонидан ҳалок бўлганларнинг оилаларига ёрдам кўрсатилади”, - дейди у.

Ростовда ҳалокат оқибатларини бартараф этиш бўйича тезкор штаб ташкил этилган.

Ҳалок бўлганларнинг қариндошлари билан ФВВнинг руҳшунослари ишламоқда.

Шунингдек, марҳумларнинг яқин қариндошлари учун ишонч телефонлари хизмати йўлга қўйилган.

Дубайдан Ростов-Донга учган лайнер қўниш учун такрорий кирган вақтида ҳалокатга учраган. Қўнишга биринчи муваффақиятсиз уринишдан сўнг, у икки соату тўққиз минут мобайнида аэропорт ҳудудида бўлган. Қўнишга иккинчи уриниш фалокат билан тугаган.

Самолёт бортида 55 нафар йўловчи ва етти нафар экипаж аъзолари бўлган.