БААнинг FlyDubai авиакомпаниясига тегишли Boeing 737-800 лайнери қўниш учун биринчи уриниш муваффақиятсиз чиққач, яна 2 соатдан ортиқ вақт давомида ҳавода бўлган ва қўнишга уринган.

Flightradar24 манбаси хабарига кўра, самолёт аэропорт атрофида 10 мартага яқин айланишни амалга оширган. Сайтда самолёт ҳалокатга учрашидан олдин ҳудудда кузатилган ҳаво шароити ҳам келтирилган.

Самолёт Дубайдан Москва вақти билан соат 19:35да ҳавога кўтарилган ва соат 23:41да Ростов-Дондаги аэропортга қўниши керак бўлган. Самолёт қўниш учун биринчи уриниш чоғида ерга 500 м яқинлашгач, бирдан ҳавога кўтарилган.

Москва вақти билан соат 01:40да учувчилар иккинчи уринишни амалга оширишга киришишган. Бу уриниш ҳам муваффақиятсиз чиққач, самолёт юқорига кўтарила бошлаган. У 1200 м баландликка чиққач, бирдан пастга қулаган. Бу вақтда соат Москва вақти билан 03:40 эди.

Учувчи инглиз тилида диспетчерларга "Қўниш учун иккинчи уринишни бошлаяпмиз", дея хабар қилган.

Бундан олдинроқ, Россия Тергов қўмитаси Ростов-Донда Boeing қулаши бўйича жиноий иш қўзғатгани ҳақида хабар қилинганди.

Қайд этилишича, Дубайдан Ростов-Донгача масофа 3 соату 56 дақиқада босиб ўтилган. Қулаган самолёт жами 6 соату 5 дақиқа осмонда бўлган.

Эслатиб ўтамиз, 19 март, шанба куни FlyDubai авиакомпаниясига тегишли Boeing 737-800 лайнери Россиянинг Ростов-Дон шаҳри аэропортига қўниш вақтида ҳалокатга учради. Ҳодиса оқибатида самолёт бортида бўлган барча йўловчилар (55 киши) ва экипаж аъзолари (7 киши) ҳалок бўлган.