Бельгия пойтахти Брюссель шаҳрида 18 март куни Париж терактининг бош ташкилотчиси сифатида қўлга олинган Салоҳ Абдисломга нисбатан расман айблов қўйилгани эълон қилинди. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар тарқатди.

Абдислом билан биргаликда Брюсселда ўтказилган махсус амалиёт вақтида қўлга олинган Мунир Аҳмад Аляҳга ҳам айблов эълон қилинган. Амалиёт вақтида қўлга олинган учинчи шахс Абид А.га эса террорчи ташкилот ва жиноятчиларга ёрдам бериш айбли қўйилган.

Қайд этилишича, Молебанкдаги амалиёт натижасида қўлга олинган яна бир Жамила М исмли гумонланувчи жиноятчиларга алоқадор эмаслиги аниқланиб, қўйиб юборилган. Яна бир аёл ҳам айблов эълон қилинмасдан озод қилинган.

Абдисломнинг адвокати Бельгия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан ҳамкорлик қилишини ва мижозининг Францияга топширилишига рози бўлмаслигини билдирган.

2015 йилнинг 13 ноябрь куни Парижда содир этилган, 130 кишининг ўлимига сабаб бўлган терактлар Бельгиядан туриб мувофиқлаштириб борилгани аниқлангач, мамлакат полицияси жиноятчиларни тутиш борасида ўтган вақт ичида кенг миқёсли операциялар ўтказди.

Париж терактларини амалга оширишда асосий гумонланувчи ҳибсга олинди