Япониянинг Иокогама университети олимлари бир неча миллиметр келадиган кичик ўлчамдаги инсон жигарини муваффақиятли яратдилар. Бу жигар инсон жигари вазифаларини тўлиқ такрорлайди, деб хабар бермоқда NHK телеканалига иқтибос келтирган ҳолда ТАСС ахборот агентлиги. Олимлар жигарни турли ички органларга айлана олувчи ствол ҳужайраларидан ўстиришди.

Тадқиқотчилар гуруҳи раҳбари Хидэки Танигутининг айтишича, ўстирилган мини-жигар зарарли моддаларни инсоннинг ҳақиқий жигари каби самарали қайта ишлай олади. У, шунингдек, қон учун зарур бўлган оқсилларни бирдай муваффақиятли ҳосил қила олади.

Олимлар 2019 йилдан етиштирган жигарларини клиник синовлардан ўтказишни бошлашмоқчи. Улар, шунингдек, бундай мини-органларни жигарнинг оғир касалликларига учраган беморларга унинг нормал функцияларини қўллаб-қувватлаб туриш учун ўтказишмоқчи.