Дубай халқаро аэропортида арзон чипта тақдим қилувчи авиакомпаниялар учувчилари самолётни захира аэродромига қўндирганлари учун жаримага тортилишлари ҳақидаги маълумот рад этилди. ТАСС ахборот агентлиги мухбирига аэропортдаги манбанинг маълум қилишича, парвоз режасида аввалдан бир неча захира аэродром кўзда тутилади.

“Парвоз режасига одатда учувчи бемалол қўниши мумкин бўладиган 3 тадан 5 тагача захира аэдром киради. Бундай вазиятларда учувчи қандайдир жаримага солиниши мумкин эмас, чунки гап йўловчилар хавфсизлиги ва фожиа юз берса катта зиён кўрилиши ҳақида кетмоқда”, деб айтди манба.

Манбанинг айтишича, “жарималар парвоз режасини ва диспетчер талабини бажармаслик учун кўзда тутилган”. “Самолёт белгиланган манзилга яқинлашаётганда тўлиқ диспетчерлик минорасининг назоратига тушади. Фақатгина дичпетчерлик хизматигина учувчининг кейинги қадамларини белгилаш ҳуқуқига эга ва унинг тавсияларига амал қилмаслик учун катта жарима солинади ва ишдан бўшатишгача бўлган маъмурий жазо белгиланади. Бу талаблар барча компанияларга, у лоукостер бўладими-йўқми, бир хилда мажбурий. Агар ташувчиларда бирор бир қоидабузарлик аниқланса, уларда катта муаммолар пайдо бўлади ва улар бу ҳақда биладилар”, деб айтди Дубай аэропорти ходими.

Манбанинг таъкидлашича, қулаган самолёт билан боғлиқ вазиятда “диспетчерлар учувчига захира аэродромига кетиш-кетмасликни ўзи ҳал қилишига ижозат берган бўлишлари мумкин. “Ана ўшанда самолёт сардори ўз кучларига юқори баҳо бериб юбориб, хатога йўл қўйган бўлиши мумкин. Бироқ, интернетдаги видеога ишониладиган бўлса, самолёт шиддат билан қулаган ва бу ерда қўнишга уриниш ҳақида умуман гап бормаган”, деб қўшимча қилди манба.

Дубайда самолёт эгаси FlyDubai авиакомпанияси ижрочи директори Гайт ал-Гайт матбуот-анжуманда “компанияда унинг учувчиларига захира аэродром умуман таклиф қилинган-қилинмагани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини” айтган.

Эслатиб ўтамиз, 19 мартда Москва вақти билан соат 03:42 да Ростов-Донда Дубайдан FZ 981 рейсини амалга ошираётган Boeing 737-800 самолёти фалокатга учраган. 189 кишига мўлжалланган самолётда 62 киши бўлган, уларнинг барчаси ҳалок бўлди.

Самолётнинг фалокати бўйича жиноий иш қўзғатилди.