Истанбул марказида 19 мартда амалга оширилган терактда  3 нафар исроиллик ва бир эронлик ҳалок бўлди. Бу ҳақда Haberturk телеканали маълум қилди.

Ҳукумат вакиллари ҳозирча ҳалок бўлганлар ҳақида расмий  маълумотлар келтиргани йўқ, бироқ терактда 5 киши ҳалок бўлгани маълум. Маълум қилинишича, теракт оқибатида жароҳат олган 36 киши орасида 12 нафари хорижлик. Улардан 6 нафари исроиллик, 2 нафари ирландиялик ва бир нафардан Германия, Исландия, Дубай ва Эрон фуқаролари.

Телеканал, шунингдек, тергов террорчи-худкушнинг шахсини аниқлаганини маълум қилди. У  М.О. исмли, Ғазиантеп вилоятида яшовчи кимса бўлиб чиқди. Портлашга қандайдир террорчилик гуруҳи алоқаси борлиги ҳақида маълумот келиб тушмаган.

Портлаш Истанбул марказидаги Истиқлол пиёдалар кўчасида полиция бўлими ва савдо маркази ёнида содир этилган. Бу ерда одатда кўплаб маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар тўпланадилар. Бироқ портлаш амалга оширилган вақт – соат 11:00 да бу ерда одам кўп бўлмаган. Террорчи жароҳат етказувчи элементлари бўлган бомбадан фойдаланган.