Қозоғистондаги KFC тез овқатланиш ресторанлари тармоғи от гўштидан тайёрланган «Сандерс», «Классик» ва «Твистер» сэндвич ва гамбургерларини ўз менюсига қўшди, деб хабар берди RNS.

Таъкидланишича, бургерлардаги от гўшти анъанавий тарзда қази кўринишида тайёрланади.

“Caspian International Restaurants” компаниясининг вакили Айжан Шорманнинг хабарига кўра, қазидан тайёрланган сэндвич ва бургерлар фақатгина Қозоғистонда сотилади. Унинг таъкидлашича, менюдаги бундай ўзгариш Наврўз байрами муносабати билан амалга оширилаётган экан.

“Бундай ягона таклиф фақатгина қозоғистонликлар учун амалга оширилмоқда, янги меню KFC мавжуд бўлган – Олма-ота, Остона, Қарағанда ва Павлодар шаҳарларида тақдим этилади”, — деб таъкидлади компания ходими.