Ростов-Донда фалокатга учраган Boeing самолёти учувчилари билан аэропорт диспетчерлари ўртасидаги суҳбат аудиоёзуви “Парвозлар хавфсизлиги” халқаро маслаҳат-таҳлилий агентлиги сайтида чоп этилди.

Аудиоёзувга кўра, суҳбат ишчи тартибда кетган, экипаж самолётда бирор нуқсон борлиги ҳақида ҳеч нарса демаган.

Самолёт учувчиси об-ҳаво шароитлари ҳақида сўраганда диспетчер экипажни кучли шамол, кўриш узоқлиги 6 км ни ташкил қилиши, жала ёғаётгани ва кучли турбулентликдан огоҳлантирган.

Бироқ шунга қарамай диспетчер шамол сурилиши ҳақида огоҳлантиришлар бўлмаганини қўшимча қилган. “Ойнага қараганингизда, сэр, об-ҳаво аввалгидан анча яхшироқ кўринади”, деб айтади учувчи шундан сўнг.

Суҳбат учувчи иккинчи даврага кетишини айтиши билан тугайди: “Иккинчи даврага кетаяпман, Sky Dubai 981”, деб айтади учувчи.

Шундан кейин диспетчер учувчига самолётни қўндиришга иккинчи уриниш учун бир нечта кўрсатмалар беради ва шундан кейин ёзув тугайди.

Аввалроқ FlyDubai ижрочи директори Гайт ал-Гайт самолёт учувчиси фалокат сигналини юбормаганини маълум қилганди.