Ишонувчан харидор 14,700 дирҳамга (4004 доллар) онлайн аукцион сайтидан «маркали» соат сотиб олган. Аммо қиммат соат ўрнига у кичик тошни харид қилган.

Абу Даби полициясининг уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими бошлиғи Тоҳир Ал Дҳаҳерийнинг сўзларига кўра, жабрланувчи-суғурта компаниясининг бошқарувчиси, полицияга олтин соат сотиб олиш мақсадида онлайн аукционда қатнашганлиги, бунинг учун 14,700 дирҳамни кредит карта орқали тўлаганлиги ва соат ўрнига “тош” олганлиги ҳақида хабар берган.

Ал Дҳаҳерий харидорлардан онлайн сайтлар орқали нарса сотиб олаётганда, сайтнинг расмий эканлигига, манзилларини, телефон, факс рақамларини ва компанияга тегишли маълумотларни текшириб, сўнг харидни амалга оширишларини сўраб мурожаат қилди. Фақатгина улар юборган электрон хатларга ишонишмасликларини ҳам таъкидлади.

Шунингдек, у “онлайн харидни амалга оширишда балансни чекловчи махсус кредит карталардан фойдаланишингизни ва чекларнинг электрон ва қоғоз нусхаларини сақлашни ҳам тавсия этаман”, — деб давом эттирди.