Япониянинг Токио шаҳрида 2016 йилнинг 19 март куни Наврўз байрамига бағишланган байрамона кеча бўлиб ўтди. Байрам ташкилотчилари бўлган Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси ва “Ипак Йўли” маданият ва рақс ансамбли, Япония давлатида иш ва ўқиш юзасидан истиқомат қилиб келаётган Ўзбекистон ва Ўрта Осиё халқалари, шу билан бирга, япон миллати бўлган меҳмонлар учун ажойиб байрам кайфияти улашдилар. Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси ходимлари табрик нутқида барчани Наврўз айёми билан бутун Ўзбекистон номидан қизғин муборакбод этиб, байрамни юқори шукуҳ билан очиб бердилар. Токио Хорижий тиллар университетининг талабалари байрамни япон ва ўзбек тилларида олиб боришди.

Байрам дастури давомида Аико Такеучи бошчилигидаги «Ипак Йўли» маданият ва рақс ансамбли ўзбекона рақслар ва қўшиқлар билан байрам тадбирини мароқли ўтишига ўз хиссаларини қўшдилар.

Японияда ҳар йилги анаънавий ўткизиб келинаётган Наврўз байрами Япон ва Ўрта Осиё миллатлари ўртасидаги Халқаро дўстлик алоқаларини янада мустаҳкамлаб, Ўзбекистон ва Япон миллий урф-одатлари ва маданиятини кенгроқ ёйилишига яна бир карра хизмат қилмоқда.