“Манчестер Юнайтед”нинг 18 ёшли ҳужумчиси Маркус Рашфорд 20 мартда Англия чемпионатининг 31-турида “Манчестер Сити”га қарши учрашувдаги ягона тўп муаллифига айланди ҳамда Манчестер дербиси тарихида тўп киритган энг ёш футболчи бўлди. Рашфорд бу голни киритганида унинг ёши 18 йил 141 кунни ташкил қилди.
Учрашув 0:1 ҳисобида манкунианликлар фойдасига ҳал бўлди.

“МЮ” тарбияланувчиси бу борада Уэйн Рунининг рекордини янгилади: Руни 2005 йилда “Манчестер Сити”га 19 ёшида гол киритганди. Учрашувнинг ўзи эса 2:0 ҳисоби билан якунланганди.

Рашфорд жорий мавсумда АПЛ доирасида “МЮ” таркибида 4 та ўйин ўтказиб, 3 та гол муаллифига айланди.