Flydubai авиакомпанияси Россия шаҳарларидан Дубайга амалга оширадиган рейслар Ростов-Донда компанияга тегишли “Боинг” самолёти фалокатга учрагандан кейин бекор қилинмади, йўловчилар парвозлардан бош тортмаяптилар, деб хабар бердилар Россиянинг Волгабўйи, Урал ва Жанубий федерал округида жойлашган шаҳарлар аэропортлари вакиллари РИА “Новости” ахборот агентлигига. 

19 мартда тунги соат  03:42 да Flydubai авиакомпаниясининг Дубайдан келаётган Boeing 737-800 йўловчи самолёти Ростов-Донда фалокатга учради. Самолёт Ростов-Дон аэропорти учиш-қўниш йўлагидан чапроққа қулаган. Самолёт бортида 55 йўловчи (44 нафар россиялик, 8 нафар украиналик, 2 нафар ҳиндистонлик ва 1 нафар ўзбекистонлик) ва экипажнинг 7 нафар аъзоси (2 нафар испаниялик, 1 нафар россиялик, 1 нафар кипрлик, 1 нафар колумбиялик, 1 нафар қирғизистонлик, 1 нафар сейшеллик) бўлган. Уларнинг барчаси ҳалок бўлган.

Flydubai Россиянинг Екатеринбург, Қозон, Краснодар, Минеральние Води, Москва, Ростов-Дон, Самара, Уфа, Нижний Новгород ва Новосибирск шаҳарларига рейслар амалга оширади.

Екатеринбургдаги “Кольцово” аэропорти маълумотлар хизматининг маълум қилишича, 20 мартда аэропортдан Flydubai’нинг иккита самолёти учиб кетган.

“Парвоздан бош тортишлар бўлмади. Эрталабдан йўловчилардан кўплаб қўнғироқлар бўлди, улар компания рейсни амалга ошириши-оширмаслиги, ушланишлар ёки бекор қилинишлар бўлиш-бўлмаслигини сўрашди”, деб айтди аэропорт вакили.

Авиакомпания Россиянинг қолган шаҳарларидан ҳам рейсларни режадагидек амалга оширишни давом эттирмоқда.