Франциянинг соат ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Bell & Ross компанияси AeroGT номи остида спорт автомобили прототипини тақдим этди. Ушбу купенинг намойиши Baselworld 2016 кўргазмаси доирасида бўлиб ўтди. Маросимда компания ҳар бири чекланган 500 ададда ишлаб чиқариладиган иккита янги хронографни намойиш қилди.

Орқа ғилдираклари “тортадиган” купенинг умумий узунлиги 4,7 метр, баландлиги эса 1,1 метрни ташкил этади. Суперкар карбонли монокок асосида бунёд этилган бўлиб, 4,2 литр ҳажм, саккиз цилиндрли битурбо мотор билан таъминланган. Агрегат 610 от кучига эга. Тезлик узатмалар қутиси – саккиз босқичли роботлаштирилган “трансмиссия”.

Турган жойидан юз километр/соат тезликка эришиш учун соатсозлар ишлаб чиққан суперкар 2,9 сония сарфлайди. Лойиҳага кўра, автомобиль стартдан бир километрлик масофани 19,8 сонияда босиб ўтади. Энг юқори тезлиги эса соатига 315 километрни ташкил этади.

Baselworld 2016 кўргазмасида янги тақдим этилган соатлар нархи эса 7900 еврога баҳоланди. AeroGT истиқболлари тўғрисида бошқа маълумотлар ҳозирча эълон қилинмади.