Хитойнинг Чжухай (Гуандун вилояти) шаҳрида гравитацион тўлқинларни ўрганишга мўлжалланган марказ пойдеворининг биринчи ғиштини қўйиш тантанали маросими бўлиб ўтди. “Синьхуа” ахборот агентлигининг маълум қилишича, марказга сармоя қилинадиган жами инвестициялар миқдори 15 млрд юанни (2,3 млрд долларни) ташкил қилади.

“Тяньцинь” деб номланган лойиҳа Сунь Ятсен номидаги университет ташаббуси билан яратилмоқда. У 30 минг квадрат метр майдонга эга тадқиқот обсерваторияси ва 10 минг квадрат метр майдонга эга шовқиндан изоляция қилинган лаборатория қурилишини ўз ичига олади.

Университнинг Астрономия ва коинот фанлари институти декани Ли Мяонинг айтишича, “Тяньцинь” дастури 15-20 йил давомида 4 босқичда амалга оширилади: у коинотга учта юқори орбитал сунъий йўлдошларни чиқаришни кўзда тутади. Бу йўлдошларнинг вазифаси гравитацион тўлқинларни топишдан иборат бўлади. Айни вақтда университет халқаро тадқиқот дастури учун ходимлар тўпламоқда.

Айни вақтда Хитойда шунга ўхшаш яна иккита лойиҳа амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 17 февралида Хитойда бинар “қора туйнук”лар ва бошқа само жисмларининг бирлашишидан ҳосил бўладиган гравитацион тўлқинларни ўрганиш бўйича “Тайцзи” (“Буюк сарҳад”) миллий дастури ишга туширилганди. Хитой, шунингдек, “Али” деб номланган гравитацион тўлқинларни топиш бўйича яна бир лойиҳани амалга оширмоқда. Бу лойиҳа Тибет тоғларида жойлашган Али обсерваторияси базасида амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳада иштирок этаётган олимлар Катта портлаш деб номланувчи материянинг бирламчи ғалаёнланиши “акс-садосини” кузатишга ҳаракат қилмоқдалар.

Февраль бошида АҚШлик олимлар 100 йил аввал физик Альберт Эйнштейннинг нисбийлик назарияси ёрдамида башорат қилинган гравитацион тўлқинларнинг мавжудлигини тасдиқлашди.