Март ойи тақдимотида Apple “iPad Pro”нинг 9,7 дюйм экранли планшетини тақдим этди. Тақдимотда янги қурилмани компаниянинг маркетинг бўйича катта вице-президенти Фил Шиллер намойиш этди.

Янги авлод планшетидаги асосий ўзгаришлардан бири бу унинг экранида бўлди. Энди “iPad Pro 9,7”нинг экрани iPad Air 2га нисбатан 40 фоиз камроқ қамашади, 25 фоиз ёруғроқ бўлади. Ҳозирча барча планшетлар ичидаги энг ёруғи “iPad Pro 9,7” ҳисобланади. Шунингдек, унинг экранига “True Tone” ҳусусияти қўшилган бўлиб, эндиликда қурилма фойдаланувчига тасвирни атроф-муҳитга мослашиб, ёруғликни узатади.

“Қурилманинг процессори янги A9X бўлиб, унинг график процессори XBox 360 дан кучлироқ ҳисобланади”, - деб айтиб ўтди вице-президент Фил Шиллер.

Камерага тўхталадиган бўлсак, Apple ўз стратегиясида давом этиб, планшетга 12 мегапикселли матрица жойлаштирган, у орқали 4K сифатли видео олиш имконияти ҳам мавжуд. iPad Pro каби янги планшетни Apple Pencil ва клавиатура билан бирга қўлласа бўлади.

Яна бир янгилик эса, ушбу планшетни “пушти олтин” рангда сотиб олиш мумкин.

Янги қурилмаларнинг 32 гигабайтли русуми 599 доллар, 128 гигабайтли русуми 749 доллар ва 256 гигабайтлиси 899 доллар қийматида сотувга қўйилади.