БААнинг DU телекоммуникацион оператори Li-Fi деб номланган, ёруғлик диодларида ишловчи ўта тезкор интернет технологияни жорий қилишга ваъда бермоқда. Маълум қилинишича, бу технологиянинг асосий афзалликларидан бири унинг маълумотларни Wi-Fi технологиясидан 100 баробар тезроқ жўнатиши ҳисобланади.

Янги технологиянинг номи Wi-fi’га монанд инглизча “light” – “ёруғлик” ва “fidelity” – “аниқлик” сўзларидан тузилган. Li-Fi мавжуд симсиз радиотизимлардан кўра маълумотларни узатишнинг арзонроқ ва энергия самарадор усули бўлишга ваъда қилинмоқда. Янги технологиянинг яна бир устунлиги ёруғлик диодли узаткичларнинг бир маромда тақсимланишида бинолар ичида интернетга аниқроқ ва барқарор уланишга эришиш мумкин.

Бироқ бу технологиянинг айни вақтда бир қатор камчиликлари ҳам бор. Бу технология ёруғлиқ тўлқинларига боғлиқ бўлгани сабабли, у кундуз куни ташқарида ишламайди ва деворлар орқали ўта олмайди, бу эса унинг ҳаракатланиш диапазонини қисқартиради, бироқ маълумотларни узатишда махфийликни сақлайди, бу эса уни тиббиёт муассасалари, компания бош қароргоҳлари, транспорт ва махсус тузилмаларда ишлатишга яроқли қилади.

DU компанияси айни вақтда Li-Fi’ни синовдан ўтказиш ва дастурларни текшириш учун индивидуал ечимларни яратиш мақсадида йирик корхоналар билан ишлаётганини айтди, бироқ янги технология БААда қачон ишлай бошлаши борасида аниқлик киритмади.

Буюк Британиядаги Эдинбург университети профессори Харальд Хаус Li-Fi’ни ихтиро қилгани ва уни такомиллаштириш билан 10 йилдан бери шуғулланиб келишини таъкидламоқда. Li-Fi атамасини ҳам Хаус ўйлаб топган.