БМТ бош котиби дунё халқларини Наврўз билан табриклади

Жаҳон 22 Март 2016 357

БМТ бош котиби Пан Ги Мун 21 март куни Наврўз байрамини нишонлайдиган барча халқларни байрам билан табриклади. Маросим вақтида Пан Ги Мун бу байрамнинг "инсоният маданиятининг бир қисми" эканини таъкидлаган ва бу байрамни нишонлаш ташкилотнинг меъёрларига тўғри келишини айтиб ўтган.

"Наврўз - бу бугунги чегаралар ва ихтилофлардан қадимийроқ байрам. У чегаралар муҳим эмаслигини, барчамиз инсоният фарзанди эканимизни эслатиб туради. Шу тариқа, Наврўз барча тўсиқларни бузиб ташлайди ва ўзаро ишонч ҳосил қилади. Қадимда Наврўз байрами куни урушлар тўхтатилган, гина-кудратлар, аразлар унутилган. Жаҳонда тинчлик бўлсин. Наврўз айёми билан қутлайман", дейди Пан Ги Мун.

Наврўз Марказий Осиё халқлари 3 минг йилдан кўпроқ вақт давомида байрам қилиб келаётган энг қадимий айёмдир. Наврўз кўплаб халқларнинг анъанаси сифатида 2009 йилда ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. БМТ Бош Ассамблеясининг 2010 йилдаги ялпи мажлисида 21 март – Халқаро Наврўз куни деб эътироф этилди.

Бу байрам Ўзбекистон, Афғонистон, Озарбайжон, Албания, Грузия, Ҳиндистон, Ироқ Курдистони, Эрон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Македония, Шинжон-Уйғур автоном ҳудуди ва Туркия каби мамлакатларда кенг кўламда нишонланади. Умуман олгандан, бу байрамнинг нишонланиш доираси дунёдаги 300 млн кишини қамрайди.

"Наврўз хилма-хилликнинг бирлашгани учун намунадир", дея қайд этади БМТ бош котиби.

Кўпроқ янгиликлар