БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси расмий вакили Мелисса Флеминг Европа Иттифоқи ва Туркия ўртасидаги келишувнинг бир неча бандлари БМТни қониқтирмаётгани учун Грецияда бир қатор йўланишлар тўхтатилганини айтди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар берди.

Флеминг бу ҳақда Женевадаги матбуот-анжуманида айтиб ўтди.

“БМТНинг Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси айни вақтгача қочқинлар ва муҳожирлар қабул қилинаётган, уларга ёрдам берилаётган ва рўйхатдан ўтказилаётган Греция оролларидаги ҳукуматларни қўллаб-қувватлаётган эди. Европа Иттифоқи ва Туркия ўртасидаги янги келишувга кўра, бу рўйхатдан ўтказиш марказлари Туркияга қайтарилишини кутаётган ушланган қочқинларни жойлаштириш пунктларига ўзгартирилади”, деб айтди Флеминг.

Флеминг бу амалиёт бошқарма сиёсатига зид келиши сабабли бу марказларнинг фаолияти тўхтатилганини айтди.

Шу билан бирга, бошқарма Грецияда инсон ҳуқуқларига амал қилинаётганига ишонч ҳосил қилиш учун мониторинг қилиш мақсадида қолади.

Аввалроқ бошқарма Европа Иттифоқи ва Туркия ўртасидаги келишувнинг баъзи қочқинларни Туркия ҳудудига қайтарилиши қоидасидан ўз хавотирини билдирганди.