Facebook раҳбари Марк Цукерберг, ўзининг ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Буюк Хитой деворидан чанада сирпаниб тушаётгани акс этган суратни жойлаштирди. Facebook’ка 21 март куни жойланган сурат аллақачон 17 минг кишининг олқишига сазовор бўлди.

Суратда деворга ўрнатилган  махсус темир мослама ёрдамида деворни қуйи қисмига тушиш мумкинлиги акс этган. Ҳозирча, тадбиркор Хитой бўйлаб саёҳат қилмоқда. У Хитойга ташрифи мобайнида 20 март куни Пекинда очилган  «Хитой тараққиёти-2016» форумида ҳам иштирок этишга улгурди.

Бундан аввал, март ойи бошларида Цукерберг яна бир шов-шувга сабаб бўлганди. Ўшанда, Пекин кўчаларида Цукербергнинг тонгги югуриши акс этган суратлари турли хил фикрларга сабаб бўлган эди.  Маркнинг янги суратига қолдирган изоҳида Хитойга ташрифидан хурсандлигини таъкидлаган.  Facebook фойдаланувчилари эса, Хитойда айни ижтимоий тармоқ тақиқланган бўлса, у қандай қилиб суратларни жойлаштиргани борасида турли фикрлар билдирмоқдалар.