Франциялик 53 ёшли спортчи, баланд биноларга ўрмалаб чиқиши билан “ўргимчак одам” деб ном олган таниқли альпинист Ален Робер яна бир маротаба хавфли кўтарилишни амалга оширди: у ҳеч қандай эҳтиёт воситасиз Париждаги осмонўпар бинога кўтарилди.

Ален бунинг учун Дефанс ишбилармонлик даҳасидаги бинони танлади. “Ўргимчак одам” забт этган бинонинг баландлиги 187 метрни ташкил қилади. Спортчи бинонинг энг юқори чўққисига чиқиши учун унга 45 дақиқа талаб этилди.

“Ўргимчак одам” ҳар гал бундай кўтарилишларни амалга оширганда ўз ҳаётини хавф остига қўйишига қарамасдан, альпинизм унинг ҳаёти эканини айтиб келади.

“Альпинизм менинг эҳтиросим, менинг ҳаётий фалсафам. Мен юқорига кўтарилаётганда бош айланишни сезишим ва бахтсиз ҳодисалар мени деярли 66 фоизга ногирон қилганига қарамасдан, мен якка ҳолда ҳаракат қилувчи дунёдаги энг яхши альпинист бўлишга муваффақ бўлдим”, деб ёзди Робер фейсбукдаги саҳифасида. 

Ален бунгача Эйфель минорасини, Сидней опера театри, Дубайдаги Бурж-Халифа биноси ва Куала-Лумпурдаги Петронас минорасини забт этишга муваффақ бўлган.