Ўрмонларнинг ҳаётимизда тутган ўрни нақадар муҳимлигига қарамай, ҳар йили ер юзидан етти миллион гектар табиий ўрмонлар қирилиб кетади, 50 миллион гектар ўрмон ерлари эса ёнғинлардан азият чекади, деб хабар беради БМТ янгиликлар маркази сайти.

“2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланишни амалга ошириш Халқаро ўрмонлар кунининг биринчи йил кун тартиби сув таъминоти тизимида ўрмонларнинг ролига бағишланди. Қишлоқ хўжалиги, саноат ва маиший турмушда фойдаланиладиган чучук сувларнинг тўртдан уч қисми ўрмон сув тўпламлари орқали етказилади”, - дейилади БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг Халқаро ўрмонлар куни муносабати билан тайёрланган баёнотида.

БМТ раҳбарининг сўзларига кўра, Богота, Дурбан, Жакарта, Мадрид, Нью-Йорк, Рио-да-Жанейро ва бошқа кўплаб йирик шаҳарлар аҳолиси ичимлик сувининг катта қисмини ўрмонли ҳудудлардан оладилар.

“Дунё аҳолиси сонининг ўсиши ва сувга бўлган эҳтиёжнинг кескин ортиши оқибатида ўрмонларни сув манбаи сифати муҳофазалаш масаласи янада долзарблашиб бормоқда. 2025 йилга келиб деярли 1,8 миллиард одам сув ўта танқис бўлган ҳудудларда истиқомат қиладилар, умумий ҳисобда эса сув танқислигидан дунё аҳолисининг учдан икки қисми азият чекади”, - деб қайд этди Пан Ги Мун.

21 март – Халқаро ўрмонлар куни муносабати билан Пан Ги Мун барча ҳукуматлар, хусусий секторлар, фуқаролик жамиятлари ва бошқа ҳамкорларни умумий келажагимиз йўлида ўрмонларни муҳофаза қилиш, қайта тиклаш ва соғлом ўрмонларни сақлаш учун комплекс стратигиялар ва амалий чора-тадбирлар қўллашга даъват этди. У ўрмонларга сармоя қилиш, уларни муҳофазалаш – сайёрамизни суғурталаш эканини маълум қилди.