Куни кеча АҚШнинг Нью-Йорк штати, Бруклин шаҳарчасида "Наврўз" айёмига бағишланган байрам кечаси бўлиб ўтди. Байрам кечасига океан ортида истиқомат қилаётган кўплаб ватандошларимиз ва шу билан бирга, маҳаллий меҳмонлар ҳам ташриф буюришди.

Байрам аввалида, Ўзбекистон Республикасининг Нью-Йорк шаҳридаги бош консулхонаси консули Тожиматов Мавлонбек Махамаджонович табрик нутқида барчани Наврўз айёми билан бутун Ўзбекистон номидан қизғин муборакбод этиб, байрамни юқори шукуҳ билан очиб берди.

Байрамнинг бадиий дастури давомида бугунги кунда АҚШда ўз ижодий фаолиятини давом эттираётган бир қанча санъаткорларимиз чиқишлари ва кечанинг асосий меҳмони Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Самандар Ҳамроқулов томонидан ижро этилган кўплаб куй-қўшиқлар кечага ташриф буюрган меҳмонларга ҳақиқий баҳорий кайфият улашди. Қайноққина баҳорий таом бўлмиш сумалак меҳмонлар кўз ўнгида очилди ва барчага улашилди.