Бельгия қуролли кучлари сапёрлари Брюссель шаҳрида терактлардан кейин тозалаш ишларини давом эттиришмоқда.

РИА Новости агентлигининг l'avenir.net порталига асосланиб хабар тарқатишича, Брюссель университети ва полиция казармаси яқинидаги генерал Жака хиёбони ҳудудида турган автомобиль сапёрлар томонидан шубҳали объект сифатида портлатилган.

22 март кунининг биринчи ярмида пойтахтда содир этилган терактлардан кейин ҳарбийлар шаҳар бўйлаб аниқланган шубҳали буюмлар ва объектларни портлатиб йўқ қилиш операциясини олиб боришмоқда. Шаҳарликлар портлаш овозларини янги терактлар сифатида қабул қилмаслиги учун олдиндан портлаш ҳақида огоҳлантирилмоқда.

Маҳаллий нашрларда терактга алоқадорликда гумон қилиниб, 2 киши қўлга олингани ҳақида хабар берилган. Полиция уларни ўзини шубҳали тутишгани учун ушлаган. Айни вақтда уларни текшириш ишлари олиб борилмоқда.

Охирги хабарларга кўра, аэропорт ва метро бекатларида содир этилган портлашлар туфайли 34 киши ҳалок бўлган ва 200га яқин киши жароҳатланган.