ЎзМТРКнинг «Спорт» телеканалида фаолият кўрсатиб келган шарҳловчи Даврон Файзиев UzReport телеканалида иш бошлади.

UzReport телеканали дастлаб футбол бўйича Европа Чемпионлар Лигаси, кейинроқ футбол бўйича Англия Премьер-лигаси ва Евро—2016 учрашувларини трансляция қилиш ҳуқуқини қўлга киритди. Хабар беришларича, телеканал яқин вақт ичида футбол шарҳларини ўзбек тилида эфирга узатишни ҳам йўлга қўяди.

Бу йўлда телеканал россиялик бир қатор таниқли шарҳловчилар — Александр Шмурнов, Георгий Черданцев, Денис Казанский, Александр Елагин кабилар билан 2015 йилнинг 15 сентябридан 2016 йилнинг 31 июлига қадар келишувга эришган бўлиб, учрашувларни шарҳлаш баробарида телеканал ходимларига маҳорат дарсларини ўтиши ҳам кўзда тутилганди.

1983 йилда таваллуд топган Даврон Файзиев Ўзбекистон миллий университетининг журналистика факультетини тамомлаган. У 2001 йилдан буён Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг аввалига «Ёшлар», кейин эса «Спорт» телеканалларида фаолият юритиб келди.