“Jajji akademik” журнали интернет тармоғида “Академик боламан” деб номланган давомий танловлар бошланиши ҳақида хабар бермоқда.

Ижтимоий тармоқларнинг фаол фойдаланувчиси бўлган машҳур ўзбекистонликлар ҳам бу ишга ўз ҳиссаларини қўшишни ният қилишган. Ғолиблар “Jajji akademik” журнали учун 2016 йил охиригача обуна ҳамда “Akademnashr” нашриёти китобларига эга бўлишлари мумкин.

“Ҳар бир бола бир ниҳол. Ота-оналар эса бу ниҳолнинг келажакда гуркираб ўсиши учун масъул бўлган шахслардир. Шунинг учун ҳам ушбу танловларга фарзанди келажагига бефарқ бўлмаган ота-оналарни жалб қилишга ҳаракат қиламиз. Чунки аввало улар “Jajji akademik” журнали билан дўст бўлган болалар келажакда ўз оиласи учун ҳам, ватани учун ҳам фойда келтира оладиган, илм ва маърифатга муҳаббатли бўлиб вояга етишларига ишонмоқлари лозим”, – дейди журнал бош муҳаррири Хуршидбек Иброҳимов.

Танлов “Энг яхши фотосурат”, “Энг яхши ижодкор”, “Энг яхши ихтирочи”, “Энг яхши чизилган сурат”, “Энг яхши иншо”, “Журнал учун энг яхши таклиф”, “Бир ҳафта давомида йиғилган энг кўп “аъло” баҳо”, “Менинг қаҳрамоним” каби кўплаб йўналишларда “Jajji akademik” журнали ҳамда машҳур юртдошларимизнинг Facebook тармоғидаги саҳифаларида ўтказилади. Иштирокчилардан журнал саҳифасига "ёқтириш" тугмасини босиш ҳамда қизиқарли шартларни бажариш талаб этилади.

Facebook ижтимоий тармоғида рўйхатдан ўтмаганлар эса танлов учун ишларини jajji-a@mail.ru почтасига юборишлари мумкин.

Танлов жараёнини #jajjiakademik хештеги ҳамда akadem.uz сайти орқали кузатиб бориш мумкин.