Афина шаҳридаги Ҳарбий ютуқлар музейида Ўзбекистоннинг Грециядаги Бош консуллиги томонидан Ўзбекистон-Греция маданий ва ишбилармон ҳамкорлик маркази билан ҳамкорликда Наврўз байрамини нишонлаш доирасида илмий конференция ва фотокўргазма ташкил этилди.

Тадбирда Греция сиёсий доиралари, жамоатчилик, диний соҳа вакиллари, ишбилармонлар, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этдилар. Меҳмонларнинг умумий сони 500 кишини ташкил этди.

Тадбир доирасида ўтказилган илмий конференция Наврўз байрами, ўзбек халқининг урф-одат ва анъаналари, тарихи ва маданиятига бағишланди. Асосий маърузачилар Марказий Осиё бўйича етакчи эксперт, собиқ грек дипломати, ёзувчи Марианна Ятрополу Теохариду, Париж университетининг тарих бўйича профессори Потитса Григораку, шунингдек, Бош консуллик вакиллари бўлдилар.

М.Ятрополу Теохариду ўз чиқишида Наврўзнинг келиб чиқиши тарихи ва унинг ўзбек халқи учун аҳамияти ҳақида тўхталди. Хусусан, эксперт ушбу баҳор байрами Ўзбекистонда қандай нишонланиши, халқ сайиллари, баҳорий таомлардан сумалак ва ҳалим ҳақида батафсил сўзлаб берди.

Бунда, айниқса, Наврўз арафасида бутун мамлакат миқёсида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари ўтказилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, у йиғилганлар эътиборини халқнинг ноёб анъанаси - ҳашарга жалб этди. Мутахассис маълум қилганидек, ҳашар Ўзбекистон худудида кўп асрлардан бери мавжуд анъана ҳисобланиб, айнан ўзбек халқи маданиятининг бир қисмига айланган. Бу юртда одамлар доимо бирга бўлишга, ҳамжиҳатликда яшаб, имкон қадар бир-бирига ёрдам беришга ҳаракат қилганлар.

Ўзининг маърузасида М.Ятрополу Теохариду тарихимиз билан боғлиқ кўпгина жиҳатларни тилга олди. Тақдимот давомида у юртимиз ўтмишига саёҳат қилиб, барча иштирокчиларни Амир Темур ва Мирзо Улуғбек каби буюк аждодларимиз, уларнинг жаҳон давлатчилиги, маданияти ва илм-фани тараққиётига қўшган ҳиссаси билан таништирди.

Греция вакили Ўзбекистон ҳукумати томонидан ёш авлоднинг тўлақонли ривожланишини таъминлаш, она ва бола саломатлигини, оилавий анъана ва қадриятларни сақлаш бўйича кўрилаётган чораларга алоҳида тўхталди. Унинг сўзларига кўра, дунёнинг ҳеч бир мамлакатида оила, аёллар, болалар ҳамда катта авлодга шунчалик катта эътибор қаратилмайди. Экспертнинг тақдимотида Ўзбекистон ҳукумати томонидан қабул қилинган “Соғлом она ва бола йили” давлат дастури оиланинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини ошириш, фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатларни акс эттириши таъкидланди.

Париж университети тарих профессори П.Григоракунинг сўзларига кўра, Буюк ипак йўлида, Марказий Осиёнинг юрагида жойлашган Ўзбекистон инсоният тарихида сезиларли из қолдирди. Грециялик эксперт Ўзбекистонда ҳукмрон бўлган ҳамжиҳатлик ва бағрикенглик муҳитига юқори баҳо берди. Унинг таъкидлашича, ҳозирда Ўзбекистон минтақа ва умуман дунёдаги энг барқарор давлатлардан бири. Республика ва унинг халқи ўзининг меҳмондўстлиги, бошқа миллатларга нисбатан ҳурмати билан донг таратган. Олима таъкидлаганидек, ўз вақтида бу қуёшли замин кўп минглаб грекларга бошпана бериб, иш билан таъминлаган. Кўпгина греклар Ўзбекистонда таълим олиб, ушбу юрт тарққиётига ҳисса қўшганлар. П.Григораку Ўзбекистон кўплар учун турли миллат вакилларининг бирдамлиги борасида намуна бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Ушбу мавзуни давом эттирар экан, Ўзбекистон-Греция маданий ва ишбилармон ҳамкорлик маркази раҳбари Ксенофонт Ламбракис грекларга Ўзбекистон пойтахти Тошкент ҳақида эслатишнинг ўзи кифоя, улар дарров бу мамлакат ҳақида ҳавас билан гапиришни бошлайдилар ва бу юрт билан уларни кўп нарса боғлаб турганини айтадилар, дея таъкидлади. Тошкентда 1949 йилдан бери 50 минг грек эмигрантлари яшаган. Ўзбек халқи уларни меҳмондўстлик билан қабул қилган, дея айтиб ўтди Ламбракис.

Шунингдек, К.Ламбракис таъкидлаганидек, Ўзбекистон қадимдан ўзининг меъморий обидалари билан донг таратган бўлиб, улар чиндан ҳам жаҳон меросининг дурдоналари ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, Самарқанддаги Регистон ва Шохизинда меъморий мажмуалари, очиқ осмон остидаги музей ҳисобланган Хива шаҳри ва бошқа қадимий обидалар Ўзбекистонга келадиган сайёҳларда катта таассурот уйғотади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон дунёнинг аксарият сайёҳлари учун катта қизиқиш туғдираётган йўналиш бўлиб, бу мамлакатга саёҳат энг нозик дидли ва талабчан сайёҳларга ҳам ёқиши тайин.

Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикасининг Грециядаги бош консуллиги вакиллари йиғилганларни республикамизда амалга оширилаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги кенг кўламли ислоҳотлардан бохабар этдилар. Шунингдек, меҳмонлар иқтисодиёт соҳасидаги ютуқлар билан ҳам таништирилди. Таъкидланганидек, республикада 90 дан ортиқ давлатнинг чет эл капитали иштирокида тузилган 4 мингдан ортиқ корхоналар муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Навоий, Ангрен ва Жиззах махсус иқтисодий ҳудудлари ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикасининг туристик салоҳияти тақдимоти меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Анжуман иштирокчиларига маълум қилинганидек, Ўзбекистон қадим ўтмиши, бой тарихий-маданий мероси, улуғвор меъморий ёдгорликлари билан машҳур. Маърузачилар таъкидлаганидек, Ўзбекистон ҳудудида бутун дунёга машҳур тарихий-маданий объектлар жойлашган, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз каби ўрта асрларда ислом маданияти ва илм-фани марказлари сифатида танилган шаҳарлар ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Ўзбекистон туристик соҳаси ривожининг асосий омилларидан бири шундан иборатки, унинг ноёб жойлашуви ва бетакрор табиати сайёҳларга дам олиш ва сайёҳлик борасида катта имкониятлар тақдим этади. Ўтган йили БМТнинг Жаҳон туристик ташкилоти Ижроия қўмитасининг 99-сессиясининг Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистоннинг туристик соҳадаги катта имкониятлари эътирофи бўлди. Таъкидландики, мустақиллик йилларида республикамизда сайёҳлик соҳасини ривожлантиришга қаратилган қатор чоралар амалга оширилди, хусусан, инфратузилма, меҳмонхона хўжалигини шакллантириш, транспорт ва бошқа йўналишларда кўп ишлар қилинди.

Тадбир иштирокчиларида Ўзбекистондаги Наврўз байрами, ўзбек халқининг анъана ва урф-одатлари, бой маданияти ҳақидаги маълумотлар катта қизиқиш уйғотди. Наврўз айёмини нишонлаш доирасида Ўзбекистон туристик брендини оммалаштириш мақсадида “Ўзбекистон грек сайёҳлари нигоҳида” деб номланган фотокўргазма ташкил қилинди. Унда 2015 йили республикамизда сайёҳ сифатида сафарда бўлган эр-хотин Яннис ва Ева Леватину томонидан олинган 200 дан ортиқ фотосурат тақдим этилди. Фотосуратлар асосан Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлари, уларнинг қадимги меъморий ва маданий обидалари, шунингдек, миллий ҳунармандчиликка бағишланган.

Фотоасарлар муаллифлари ўзининг Ўзбекистонга саёҳати мобайнида бу юртнинг бой тарихий мероси, бетакрор табиати билан танишиш имконига эга бўлганини таъкидлашди. Улар, шунингдек, Ўзбекистондаги хотиржамлик ва барқарорлик муҳитини, юқори даражада хизмат кўрсатиш, қулай шароитлар ва ривожланган транспорт инфратузилмасини эътироф этишди.

Кўргазма томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Меҳмонлар кўрган ва эшитганларидан ҳайратга келганликларини билдирдилар ва Ўзбекистонга бориш, унинг бой мероси билан танишиш, гўзал табиатидан баҳраманд бўлиб, уларга тақдим этилган манзарани ўз кўзлари билан кўриш истагини билдирдилар.