АҚШ президенти Барак Обама Брюсселдаги терактлардан кейин Бельгия халқи билан ҳамжиҳатлик рамзи сифатида АҚШдаги барча давлат биноларида миллий байроқлар туширилишини буюрди.

Бундан ташқари, байроқлар АҚШнинг хориждаги ваколатхоналари, денгизорти ҳудудларида ҳамда ҳарбий объектлар ва судларда туширилади.

Обаманинг ўзи терактлар муносабати билан сўзлаган нутқида дунё аҳли миллати, ирқи ва динидан қатъий назар, террорчиликка қарши бирлашиши кераклигини таъкидлаб ўтди.

Аввалроқ Кубада сафар билан қолаётган Обама ва Куба етакчиси Рауль Кастро Брюсселдаги терактлар қурбонлари хотирасини бир дақиқалик сукут сақлаш билан ёд этганлари маълум қилинганди.

Шунингдек, Францияда ҳам байроқлар туширилади, Эйфель минораси эса Бельгия байроқлари ранги билан ёритилади.