Миннесота (АҚШ) штати стартапи йиғилувчи “Ideal Conceal” тўппончасини тақдим этди. Ушбу қурол йиғилганда смартфон кўринишини олади.
Ихтирони намойиш этувчи видео YouTube сайтидаги TomoNews саҳифасида оммага тақдим этилган.

CNN Money нашрининг хабарига кўра, ихтиронинг ғояси тадбиркор Кирк Чельбергга (Kirk Kjellberg) тегишли. У одамлар атрофдагиларни қўрқитмасдан, ўзларини ҳимоя қилишлари учун, ўқ отувчи қуролни олиб юришларига имкон беришни мақсад қилиб олган эди.

“Ideal Conceal” 9x17 миллиметр калибрдаги икки патронни ўз ичига сиғдира олади. Қурилманинг йиғилиб турган ҳолатида ўт отишнинг имконияти мавжуд эмас.

Ихтиро муаллифидан қурилмани сотиб олишларини сураб минглаб инсонлар хат ёзишмоқда. “Ideal Conceal” шу йили 395 доллар қийматида сотувга чиқарилади.