Бирлашган Араб Амирликлари полицияси Қирғизистоннинг биринчи президенти Аскар Акаевнинг куёви Одил Тойғанбаевни ҳибсга олган. Қирғизистоннинг собиқ президенти куёви 11 йилдан буён халқаро қидирувда эди.

Қирғизистон ИИВ маълумотига кўра, Тойғанбаев мамлакат ҳудудида қатор жиноятларни содир этгани учун "Интерпол" орқали қидирувга берилган.

"Интерпол ходимлари ва БАА ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорлигида Дубай шаҳрида ўтказилган махсус амалиёт натижасида Қирғизистон фуқароси бўлган Одил Тойғанбаев (12.10.1966 йил) қўлга олинди", дейилади Қирғизистон ИИВ матбуот хизмати хабарида.

Одил Тойғанбаев 2005 йилги "лола инқилоби" натижасида ҳокимиятдан четлатилган Аскар Акаевнинг қизи Бермет Акаевага уйланганди.

У Қирғизистонда бир неча компанияларга эгалик қилган, улардан бири Манас аэропортидаги аксилтеррор базага ёқилғи етказиб бериш билан шуғулланган.

Акаев президентликдан кетгач, янги ҳукумат Тойғанбаевга қарши текширувлар бошлади ва уни молиявий фирибгарликлар амалга ошириш ҳамда солиқ тўлашдан бўйин товлаш каби жиноятларда айблади.

2005 йил ва 2014 йилларда у Москвада, 2011 ва 2013 йилларда эса Қозоғистонда қўлга олинганди. Лекин у ҳар сафар қочиб кетишга муваффақ бўлган.