Бельгия полицияси Брюссель аэропортида портлашлар содир этгани гумон қилиниб, суратлари тарқатилганларнинг шахсини аниқлади. Бу ҳақда RTBF хабар тарқатган.

Хабарда қайд этилишича, аэропортдаги портлашдан олдин юклари билан кетаётганида кузатув камералари нигоҳига тушган бу шахслар ака-ука Иброҳим ва Холид Бакруй ҳисобланади.

Манбанинг полициячиларга асосланиб хабар беришича, айнан улар портловчи қурилмаларни аэропорт ҳудудига олиб киришган.

Улар полиция рўйхатида жиноятчилар сифатида туришган, аммо уларнинг террорчиларга алоқадорлиги қайд этилмаган.

Жорий йилнинг январь ойида улардан бири полициячига ўқ узганлиги учун сиртдан 9 йилга озодликдан маҳрум этилган, иккинчисига автомобилларни ўғирлаб сотгани учун шартли равишда беш йиллик қамоқ жазоси тайинланганди.

Холид Бакруй сохталаштирилган ҳужжатлар асосида Брюсселнинг Форе коммунасида турар жойни ижарага олгани аниқланган. Шу ҳудудда бир неча кун олдин полициячилар ва терроризмга алоқадорлиги гумон қилинганлар орасида отишма бўлиб ўтганди.

27 ва 30 ёшда бўлган ака-укалар Париждаги терактларга ҳам алоқадор бўлиб чиқиши мумкинлиги айтилмоқда.

Терактлар рўй берган 22 март куни охирида Бельгия полицияси худкуш террорчилар Завентем аэропортидаги видеокузатув камералари томонидан қайд этилгани маълум бўлганди.

Эслатиб ўтамиз, 22 март куни маҳаллий вақт билан соат 8:10да Брюссель аэропортида иккита портлаш содир этилди. Кўп ўтмасдан, Брюсселдаги метро бекатларида ҳам 3та теракт амалга оширилди. Сўнгги маълумотларга кўра, портлашлар оқибатида 31 киши ҳалок бўлган, 250га яқин киши жароҳатланган.

Теракт учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган. Жангарилар бу хуруж Бельгиянинг Ироқ ва Сурияда халқаро коалиция таркибид ИШИДга қарши амалиётларда иштирок этгани учун содир этилганини билдиришган.

Бельгия ОАВида терактларнинг тахминий ижрочилари суратлари тарқалди